Фарғона вилоятида ўтказилаётган “Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон” дўстлик форуми доирасида “Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон дўстлигининг янги даври” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди
2026-03-31 13:05:00 / Янгиликлар

Конференцияда сўзга чиққан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирокчиларни нуфузли анжуман билан самимий қутлаб, мазкур форум халқлар ўртасидаги азалий дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувликни таъминлаш ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат натижасида Марказий Осиё минтақасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муҳити мустаҳкамланмоқда. Хусусан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақадаги ҳамкорликни янги сифат босқичига олиб чиқишда муҳим ўрин тутмоқда.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар бугунги кунда стратегик шерикликнинг юқори даражасига кўтарилган бўлиб, давлат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва яқин мулоқот ушбу ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворини ташкил этмоқда. Савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ҳудудлараро алоқалар изчил ривожланмоқда.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида Ҳайдар Алиев номидаги хиёбон барпо этилгани, “Озарбайжон боғи”нинг ташкил этилаётгани, Боку шаҳрида “Ўзбекистон боғи” ҳамда Фузулий шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги замонавий мактабнинг барпо этилгани икки халқ ўртасидаги дўстлик ва қардошлик муносабатларининг ёрқин ифодаси сифатида қайд этилди.
Тадбирда сўз олган иштирокчилар — Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси Қаҳрамон Сариев, Қирғиз Республикаси меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазири биринчи ўринбосари Камчибек Досматов, Тожикистоннинг дўстлик ва маданий алоқалар жамияти вакили Иброҳим Абдуллазода, Озарбайжон Республикасининг Диаспора бўйича Давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Валех Гажиев, Қозоғистон Республикаси "Otandastar fondi" АЖ вице президенти Алибек Журкадам, шунингдек, бошқа расмийлар ва экспертлар минтақада ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш борасида олиб борилаётган муҳим жиҳатларга эътибор қаратдилар. Марказий Осиё ва Озарбайжон ўртасидаги дўстлик алоқаларининг тарихий илдизлари, бугунги кундаги самарали ҳамкорлик йўналишлари ҳамда истиқболдаги устувор вазифалар ҳақида атрофлича фикр билдирдилар.
Анжуман давомида мазкур мулоқот майдонини доимий платформага айлантириш, Фарғонада барқарор тараққиётни таъминлашга қаратилган қўшма ташаббус ва дастурларни илгари суриш бўйича келишувларга эришилди.
Тадбир доирасида бир қатор фаол иштирокчилар “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Мазкур илмий конференция минтақа давлатлари ўртасидаги кўп асрлик тарихий алоқалар, умумий қадриятлар ҳамда бугунги кунда шаклланаётган янги босқичдаги ҳамкорлик масалаларини атрофлича муҳокама қилиш учун муҳим платформа вазифасини ўтади.









