Бугун Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг замонавий кўп тармоқли клиникаси — “Ақлли шифохона” фаолият бошлади
2026-03-28 12:35:00 / Янгиликлар

Тадбирда сўзга олганлар мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида тиббий хизматлар сифати сезиларли даражада яхшиланганини таъкидладилар. Хусусан, тиббиёт муассасалари сонининг ортиши, уларнинг замонавий ускуналар билан жиҳозланиши ҳамда моддий-техник базасининг мустаҳкамланиши аҳолига кўрсатилаётган хизмат даражасини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Шунингдек, сўнгги йилларда ҳудудлар аҳолисининг тиббий хизмат олиш учун пойтахт ёки хорижга мурожаат қилиш ҳолатлари кескин камайгани алоҳида қайд этилди. Янги клиника фаолияти ҳам айнан шу мақсадларга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Мазкур муассаса 50 миллиард сўм инвестиция ҳисобига барпо этилган бўлиб, 120 ўринли стационар ҳамда кунига 200 нафаргача беморни қабул қилиш имкониятига эга амбулатор бўлимлардан иборат. Клиникада умумий терапия, умумий хирургия, анестезиология ва реанимация, қабул-диагностика ҳамда физиотерапия йўналишлари бўйича хизмат кўрсатилади.
Клиниканинг яна бир муҳим жиҳати — унинг тўлиқ рақамлаштирилган “смарт” технологиялар асосида ташкил этилганидир. Бу эса ортиқча қоғозбозликни бартараф этиб, тиббий хизмат кўрсатиш тезлиги ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Айни пайтда, ушбу маскан нафақат даволаш муассасаси, балки тиббиёт кадрларини тайёрлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Институтнинг минглаб талабалари бу ерда замонавий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлайдилар.
Янги клиника ҳудудда юқори технологияли тиббий хизматлар кўламини янада кенгайтириб, мураккаб жарроҳлик амалиётларини жойида бажариш имкониятини яратади.
Тадбир давомида рамзий тасма қирқилиб, меҳмонлар замонавий тиббиёт ютуқларини ўзида мужассам этган клиника фаолияти билан яқиндан танишдилар.








