Туркиялик инвесторлар билан ҳамкорликда замонавий агротехнологиялар жорий этилади
2026-03-27 16:10:00 / Янгиликлар

Учрашувда замонавий қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этиш орқали юқори ҳосилдорликка эришишга қаратилган истиқболли лойиҳа муҳокама қилинди.
Вилоят раҳбари вилоятимизда туркиялик инвесторлар сони ортиб бораётганини таъкидлаб, манфаатли ташаббуслар доимий равишда қўллаб-қувватланишини билдирди.
Турк компанияси томонидан микрокўкатлар етиштиришга ихтисослашган инновацион лойиҳа тақдим этилди. Ушбу ташаббус доирасида замонавий вертикал ферма технологияларини жорий этиш, яъни ёпиқ биноларда кўп қаватли усулда, тупроқсиз — гидропоника орқали маҳсулот етиштириш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Лойиҳада қурилиш, жиҳозлаш, дастурий таъминот билан таъминлаш ҳамда объектларни тўлиқ ишга тушириш хизматлари қамраб олинади. Келгусида Фарғона вилоятида ушбу агротехнологияларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, олий таълим муассасалари, жумладан, Фарғона давлат техника университети билан ҳамкорликда ёшларни ўқитиш ва маҳаллий мутахассислар тайёрлаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Мулоқотда мазкур лойиҳани босқичма босқич амалга ошириш, шунингдек, туркиялик инвесторларни вилоятга янада кенг жалб этиш, янги йўналишларда ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишиб олинди.


