Фарғонадаги имкониятлар инвесторларни янги лойиҳаларга ундамоқда
2026-03-27 16:00:00 / Янгиликлар

Учрашувда ахборот технологиялари ва таълим соҳаларида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, шунингдек, истиқболдаги янги ташаббуслар атрофлича муҳокама қилинди.
Жумладан, “AHA Co., Ltd” компанияси раҳбари Ку Ги До Фарғона вилоятида амалга оширилиши режалаштирилаётган инвестиция лойиҳалари, ижтимоий соҳага ахборот технологияларини кенг жорий этиш, халқаро грант дастурлари, шунингдек, Фарғона давлат техника университети билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Мазкур лойиҳалар доирасида хитойлик ҳамкорлар томонидан ҳам вилоятнинг турли соҳаларига инвестиция киритиш режалаштирилган. Шу мақсадда учрашувга хитойлик ҳамкорлари билан бирга ташриф буюрган.
“Lonton” компанияси бошқарув раиси Хе Шинкай “AHA” компанияси билан маҳсулот етказиб бериш соҳасида самарали ҳамкорлик қилиб келаётганини, келгусида Фарғона вилоятида ушбу йўналишда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш нияти борлигини маълум қилди ҳамда компания фаолияти ва маҳсулотлари бўйича тақдимот ўтказди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билдирилган таклиф ва лойиҳалар ижтимоий соҳани ривожлантириш, таълим сифатини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Уларни амалга ошириш учун тегишли масъуллар бириктирилиши, аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиши қайд этилди.
Шунингдек, Фарғона вилоятига жалб этилаётган хорижий грант лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янада жадаллаштиришга келишиб олинди.




