Фарғонада “Фарғона – Гомель” бизнес-форуми бўлиб ўтди
2026-03-26 15:00:00 / Янгиликлар

Икки ҳудуд ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш мақсадида ташкил этилган тадбирда ишбилармон доира вакиллари, салоҳиятли тадбиркорлар, Савдо-саноат палатаси ҳамда тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров вилоятимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Беларусь Республикасининг Гомель вилояти Ижроия қўмитаси раиси Иван Крупко бошчилигидаги делегация аъзоларига ташриф учун яна бир бор миннатдорлик билдирди.
Бугунги учрашув Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасида тобора мустаҳкамланиб бораётган стратегик шериклик руҳида ўтаётгани, олий даражадаги фаол сиёсий мулоқот туфайли муносабатлар барқарор ўсиш суръатини намоён этиб, ҳудудлараро ҳамкорлик эса ушбу жараённинг муҳим драйверига айланаётганлиги қайд этилди. Бу жараёнда Иван Крупконинг икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси беқиёс эканлиги алоҳида эътироф этилди.
2025 йил якунларига кўра, Фарғона вилояти билан Беларусь ҳудудлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 42 миллион долларни ташкил этгани, Беларусь капитали иштирокида қатор инвестиция лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётганлиги, бугунги кунда вилоятда 12 та қўшма корхона фаолият юритаётганлиги, бу эса ҳудудлар ишбилармон доиралари ўртасидаги юқори даражадаги ишонч ва амалий ҳамкорликни яққол тасдиқлаши таъкидланди.
Бугун ўтаётган “Фарғона – Гомель” бизнес-форуми, 2026–2027 йилларга мўлжалланган Йўл харитасининг имзоланиши, шунингдек, ҳудудлар Савдо-саноат палаталари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги келишув — буларнинг барчаси ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлашнинг муҳим воситалари эканлиги қайд этилди.
Ушбу механизмлар янги кооперация лойиҳаларини ривожлантириш, ўзаро савдони кенгайтириш ва инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштириш учун мустаҳкам замин яратади. Бугунги форум якунлари, эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатлар ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Гомель вилояти Ижроия қўмитаси раиси Иван Крупко ҳам тадбирда сўзга чиқиб, икки давлат ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасида изчил ривожланаётганини, яқин ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бораётганини таъкидлади. Фарғона вилояти билан йўлга қўйилган алоқалар ҳам ушбу жараёнда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Форум доирасида икки ҳудуднинг саноат салоҳияти, инвестицион жозибадорлиги, туризм имкониятлари ҳамда иқтисодиётнинг устувор тармоқлари ҳақида видеороликлар намойиш этилди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Нуриддин Мамажонов вилоятнинг инвестиция ва экспорт салоҳияти ҳақида тақдимот қилди. Шунингдек, Гомель вилоятининг йирик компаниялари раҳбарлари томонидан ҳам тақдимотлар ўтказилди.
Тадбир якунида бизнес-форум иштирокчилари ўртасида B2B форматдаги учрашувлар ўтказилиб, аниқ инвестиция ва кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.









