Фарғонада Наврўз байрами кўтаринки руҳ, миллий анъаналар ва қадриятларга мос тарзда кенг нишонланмоқда
2026-03-21 14:40:00 / Янгиликлар

Тантанада шаҳар ва туманлардан келган жамоатчилик вакиллари, миллий маданий марказлар, турли корхона ва ташкилотлар, муассаса ва маҳаллалар фаоллари, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонлар, меҳнат фахрийлари, иқтидорли ёшлар, кенг жамоатчилик ҳамда хорижлик меҳмонлар иштирок этди.
Тадбир аввалида меҳмонлар вилоятнинг ўзига хос қиёфасини акс эттирган байрам декорациялари, миллий ҳунармандчилик намуналари ва баҳорий таомлар кўргазмалари билан танишдилар. Шунингдек, дор ўйинлари, спортчилар чиқишлари ва театр жамоаларининг жонли томошалари тадбирга алоҳида руҳ бағишлади.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирокчиларни Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами билан самимий қутлаб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда инсон қадри ва манфаатлари устувор ўрин тутаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, юртимиз маънавий ҳаётидаги муҳим воқеалар сифатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий мажмуасининг барпо этилиши алоҳида қайд этилди.
Тадбирда 2026 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, 4,2 миллиард долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш, экспорт ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш режалаштирилгани маълум қилинди.
Шунингдек, юртимизда 2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани муносабати билан маҳалла тизимини янада такомиллаштириш, аҳоли учун обод ва фаровон муҳит яратиш устувор вазифалардан бири сифатида белгилангани таъкидланди. “Маҳалла тизими ходимлари куни” муносабати билан маҳалла раислари, фаоллар ва “еттилик” аъзолари ҳам эътироф этилиб, касб байрамлари билан қутлади.
Тадбирда Қирғиз Республикаси Президентининг Баткен вилоятидаги ваколатли вакили ўринбосари Абдирашит Ташбалтаев ҳам сўзга чиқиб, бутун халқимизни, жумладан барча фарғоналикларни Наврўз айёми билан самимий қутлади.
Тантанали тадбирлар вилоят бадиий жамоалари, ёш ижрочилар ҳамда республикамиз санъат усталари иштирокидаги театрлаштирилган концерт дастурлари билан янада файзли ва унутилмас тус олди. Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова, Ўзбекистон халқ ҳофзи Илҳом Иброҳимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артислар Алишер Файз, Абдулҳай Каримов, элимиз суйган хонандалар Қиличбек Мадалиев, Жўрабек Қодировлар ижросидаги куй-қўшиқлар иштирокчиларга юқори кайфият бағишлади.
Наврўз шодиёналари вилоятнинг барча ҳудудларида давом этмоқда, халқимизнинг бирдамлиги, меҳр-оқибати ва янгиланишга бўлган интилишини яна бир бор намоён этмоқда.









