Вилоят ҳокими ижтимоий тармоқларда жамоатчилик эътиборига тушган мактаб ўқувчиси билан учрашди
2026-03-19 17:30:00 / Янгиликлар

Унинг отаси пиёз етиштириш ва сотиш билан шуғулланади. Азаматжон ёш бўлишига қарамай, бўш вақтларида отасига пиёз сотишда ёрдам беради. Шу билан бирга, у бу жараёнда вақтини беҳуда ўтказмасдан китоб мутолаа қилади. Замонавий касбларга, хусусан, IT соҳасига бўлган қизиқиши ҳам юқори.
Азаматжоннинг ана шу меҳнат жараёнида китоб ўқиб бориши ва келажакдаги қатъий мақсадлари ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, кўпчиликнинг эътиборига тушди.
У ҳозирда Фарғона шаҳридаги 39-мактабда таҳсил олмоқда. Ўзининг интилиши ва ҳаракатчанлиги билан Азаматжон нафақат икки нафар укасига, балки тенгдошларига ҳам ибрат бўлиб келмоқда.
Ёшлар куни муносабати билан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Азаматжоннинг хонадонига ташриф буюриб, у билан учрашди. Оила аъзоларини яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами билан чин дилдан табриклади.
Вилоят раҳбари Азаматжоннинг орзу ва мақсадлари билан қизиқди. Ҳаётда илм олиш, китоб ўқиш, касб-ҳунар ўрганиш муҳимлигини қайд этиб, Азаматжоннинг келгусидаги ишларига омад тилади.
Ташриф давомида оила аъзолари ҳамда маҳалла мутасаддилари билан мулоқот қилиниб, Азаматжоннинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва келгусида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, иқтидорли ўқувчига вилоят ҳокими томонидан планшет ва дарс тайёрлаш учун мебеллар топширилди.



