Қишлоқ хўжалигида юксак марралар кўзланмоқда
2026-03-16 21:00:00 / Янгиликлар

Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари, туман ҳокимлари, масъул раҳбарлар, пахта-тўқимачилик ва ғаллачилик кластерлари раҳбарлари, фермерлар, соҳада фаолият юритаётган мутахассислар ҳамда жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этди.
Дастлаб иштирокчиларга чигит экиш ва ғалла парваришида қўлланилаётган илғор агротехнологиялар, замонавий ўғитлаш воситалари, дала четларидан самарали фойдаланиш имкониятлари, сув тежовчи қурилмалар, қуёш панеллари ҳақида маълумот берилди.
Нуронийлар иштирокида дуолар қилиниб, эзгу ниятлар билан ерга чигит қадаш ишларига киришилди.
Семинарда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров қишлоқ хўжалиги соҳасида илм ва амалиёт уйғунлиги янги босқичга кўтарилгани, бу эса ўз навбатида катта самаралар бераётганлигини таъкидлади.
Хорижий навлар, қўшқатор экиш усули, томчилатиб суғориш ва дронлар ёрдамидаги агроишловлар натижасида ҳосилдорлик кескин ошганлиги айтиб ўтилди. Ўтган йилда аграр тизимда эришилган натижаларга тўхталиб, мавжуд ютуқлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар таҳлил этилди, жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган муҳим ишларга эътибор қаратилди.
Қайд этилганидек, жорий йилда вилоятда 72 минг гектар майдонга чигит экиш режалаштирилган. Айни пайтда 92 минг 300 гектар майдонда ғалла парваришланмоқда.
Вилоят ҳокими ишларни тизимли йўлга қўйиш, чигит экиш мавсумида штаблар фаолиятини самарали ташкил этиш масалаларига тўхталиб ўтди.
Соҳада маррани баланд олиш, эзгу ниятлар билан катта мақсадларни белгилаш, фермер хўжаликлари манфаатдорлик асосида иш юритиб, пахта ҳосилдорлигини гектаридан камида 60–70 центнерга етказиш зарурлиги таъкидланди.
Жорий йилда вилоятда чигит экиш ишлари тўлиқ 76 сантиметрли схема асосида амалга оширилади. Шундан 62,5 минг гектар майдонга хорижий навлар, 9,5 минг гектар майдонга эса маҳаллий навлар жойлаштирилади.
Семинар давомида чигит экиш мавсумида амалга ошириладиган агротехник тадбирлар, моддий-техник ресурслар захирасини таъминлаш ишлари ҳам муҳокама қилинди.
Чигит экиш жараёнларини тизимли ташкил этиш мақсадида вилоятда 257 та махсус отряд тузилган бўлиб, уларга 4149 та техника ва механизм бириктирилган.
Вилоят ҳокими қишлоқ хўжалигида юқори натижаларга эришиш замонавий технологиялар ва илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш, хориж тажрибасини муваффақиятли қўллаш билан бевосита боғлиқ эканини таъкидлади. Шунингдек, ўғитлаш ва бошқа агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш орқали юқори ҳосилдорликка эришиш мумкинлиги қайд этилди.
Тадбир давомида ғалла парвариши, озиқлантириш ишларини тизимли ва сифатли ташкил этиш борасидаги илғор тажрибалар билан танишилди. Илк чилги ҳосил-ипак қуртини боқиш бўйича ҳам мутахассислар томонидан маълумот берилди.
Шу билан бирга, картошка экиш, боғ қатор ораларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари ҳам тушунтирилди. Дала четларидан унумли фойдаланиш, дала маданиятига қатъий амал қилиш зарурлиги уқтирилди.
Семинар якунида баҳорги ишлар бўйича олдинда турган вазифалар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.









