Фарғонада Хитой инвесторлари иштирокида амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳаларининг навбатдаги босқичи бошланди
2026-03-14 10:25:00 / Янгиликлар

Бугун Фарғона туманида лойиҳа доирасида замонавий савдо ва логистика маркази қурилишига киришилди. Тадбирда вилоят ва туман ҳокимлиги масъуллари, хорижий инвесторлар, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Йирик лойиҳа асосида барпо этилаётган Фарғона Евроосиё халқаро савдо марказида Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий турдаги маҳсулотлар, озиқ-овқат ҳамда турли саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бунинг учун 150 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция йўналтирилмоқда. Натижада лойиҳанинг биринчи босқичидаёқ мингга яқин янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.
Тадбир давомида ҳудудда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш ишлари ҳам амалга оширилди. Нуронийлар томонидан юрт тинчлиги, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига хайру барака тилаб дуолар қилинди.
Шу куни “Hengtai” масъулияти чекланган жамияти томонидан Марғилон шаҳридаги Бурҳониддин Марғиноний илмий-маърифий, туризм маркази ҳудудида беш юлдузли меҳмонхона қурилишига ҳам старт берилди.
Лойиҳа ҳудудда туризм салоҳиятини янада ошириш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва хизматлар инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.






