Фарғонада илк медиа волонтёрлар клуби ташкил этилди
2026-03-12 20:35:00 / Янгиликлар

Ёшлар ташаббуси билан яна бир аҳамиятли қадам ташланиб, турли ёш тоифасидаги йигит-қизларни бирлаштирган илк медиа волонтёрлар клуби ташкил этилди.
Бугун вилоят ахборот-кутубхона марказида мазкур клуб аъзолари бўлган ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, медиа соҳасига қизиқувчи йигит-қизлар билан яқиндан мулоқот қилди.
Вилоят ҳокими учрашув давомида волонтёрлик фақатгина кўнгилли хизмат эмас, балки ёшлар учун катта масъулият эканлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, бугунги шиддатли даврда ахборот маконида сифатли ва миллий контентлар ҳажмини ошириш, вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотларни, ёшлар ҳаётини креатив ёндашувлар орқали кенг оммага етказиш муҳимлигига эътибор қаратди.
Учрашувда ёшларнинг ижодий ғоялари тингланди ва келгусидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, ёшларга тажрибали журналистлар ва медиа соҳасида катта йўл босиб ўтган ижодкорлар томонидан қимматли маслаҳат ва билимлар берилди.






