Корея компанияси йирик лойиҳани амалга оширмоқда
2026-03-06 14:55:00 / Янгиликлар

Маълумки, Қувасой шаҳри Бунёдкор МФЙ ҳудудида жойлашган “Қўқон” эркин иқтисодий зонасининг Қувасой филиалида Корея Республикасининг “Hansae Mobility” компанияси билан ҳамкорликда автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш бўйича йирик саноат лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Учрашув давомида Жонг Дай Вон мазкур инвестицион лойиҳа доирасида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар юзасидан тақдимот қилди.
Қиймати 30 миллион доллар бўлган янги корхонада лойиҳанинг биринчи босқичида 120 та, умумий ҳисобда эса 200 тадан ортиқ иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Лойиҳани 2026 йил июль ойида ишга тушириш режалаштирилмоқда.
Мулоқотда ишларни белгиланган муддатларда ва сифатли якунлаш, корхонага малакали мутахассисларни жалб қилиш, фарғоналик ишчиларни Кореяда тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек ўзаро ишончли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилаётгани қайд этилди. Компания вакиллари лойиҳани амалга оширишда кўрсатилаётган амалий ёрдам учун вилоят раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Учрашув якунида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.


