Нафосат ва гўзаллик байрами: Фарғонада Халқаро хотин-қизлар куни кенг нишонланмоқда
2026-03-05 13:40:00 / Янгиликлар

Тантанали тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Бурхон Қўлдошев вилоят ҳокимининг фарғоналик хотин-қизларга йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Табрикда ҳаётимиз қувончи, хонадонларимиз файзи бўлган мўътабар ва мунис аёлларимиз самимий қутланиб, эзгу тилаклар билдирилди.
Қайд этилганидек, Янги Ўзбекистонда Президентимиз ташаббуслари билан хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни мутлақо янги босқичга кўтарилди. Бугунги аёл нафақат оила бекаси, балки фаол сиёсатчи, моҳир тадбиркор, етук олима ва энг муҳими – келажак авлодни тарбияловчи оқила мураббий сифатида эътироф этилмоқда.
Вилоятимизда хотин-қизларнинг олий таълим олиши, замонавий IT технологияларини эгаллаши ҳамда турли раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиши учун кенг имкониятлар яратилган.
“Бир аёлни ўқитсак, бутун бир авлодни маърифатли қиламиз”, деган эзгу тамойил амалда ўз ифодасини топмоқда.
Эътиборлиси, сўнгги йилларда хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий фаоллиги сезиларли даражада ошди. Хусусан, вилоятимизда 2022 йилга нисбатан фаол хотин-қизлар сони икки баробарга кўпайди. Бугунги кунда раҳбар аёллар сони 2 минг 700 нафардан ошиб, 2022 йилдаги 526 нафар кўрсаткичга нисбатан бир неча баробар ўсишга эришилди.
2025 йил ҳолатига кўра, олий таълимда таҳсил олаётган хотин-қизлар улуши 53,5 фоизни ташкил этмоқда. Шунингдек, 750 нафар эҳтиёжманд хотин-қизнинг тўлов-контракт маблағлари қоплаб берилди. "Аёллар дафтари" асосида хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш изчил давом эттирилмоқда.
Куни кеча қабул қилинган “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги Президент фармонига мувофиқ, бир гуруҳ фаол фарғоналик аёллар ҳам давлатимизнинг юксак мукофотларига, шунингдек, Дилафрузхон Жўрабоева ва Дилафрузхон Собирова Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлдилар.
Тадбир давомида мукофот соҳибалари яна бир бор муборакбод этилди.
Тақдирланганларга давлат мукофотлари, бир гуруҳ хотин-қизларга "Мўтабар аёл" кўкрак нишонлари, вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Байрам тадбири эл ардоғидаги санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури билан давом этди, йиғилганларга кўтаринки кайфият ва унутилмас таассуротлар улашилди.









