Янги мавсум — янги саҳифа, ҳар бир ўйин — имтиҳон, ҳар бир ғалаба — халқимизга байрам!
2026-02-28 22:20:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Суперлигасининг янги мавсумига старт берилди. Биринчи тур учрашувида амалдаги чемпион — "Нефтчи" ўз майдонида Муборакнинг "Машъал" жамоасини қабул қилди.

Учрашув Фарғона шаҳридаги "Истиқлол" стадионида бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, футбол мухлисларини янги мавсум билан қутлади.
Мамлакатимизда футболни ривожлантириш борасида Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, клублар инфратузилмаси мустаҳкамланаётганлиги, Суперлига, Про лига ўйинлари савияси изчил ўсиб бораётганлигини эътироф этди.
Маҳаллалардан бошлаб футболни ривожлантиришнинг вертикал тизими шакллантирилиб, янги футбол мактаблари ва академиялар ташкил этилаётгани, ушбу саъй-ҳаракатлар натижаси сифатида миллий терма жамоамизнинг тарихий ютуқлари фахр билан тилга олинди.
Шунингдек, футболда адолат ва шаффофлик тамойиллари мустаҳкамланаётгани, ҳакамлик савияси ошиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Бу борада Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Профессионал футбол лигаси раҳбариятининг ҳиссаси эътироф этилди.
Вилоят ҳокими жорий йилда клуб инфратузилмасини янада ривожлантириш борасида устувор вазифалар белгилаб олинганини қайд этди.
Замонавий талабларга жавоб берадиган “Нефтчи” академияси ташкил этилиб, яқин кунларда очилиши, ёш истеъдодларни саралаш ва тарбиялаш тизими кучайтирилиши, “Истиқлол” стадионини кенгайтириш ва модернизация қилиш лойиҳалари ишлаб чиқилгани маълум қилинди.
Ушбу саъй ҳаракатлардан асосий мақсад Фарғонани мамлакатимизнинг футбол пойтахтига айлантириш эканлиги таъкидланди. Жорий мавсумда чемпионликка эришиш мажбурият, Осиё элита лигасида ғалаба қозониш мақсад қилиб белгилангани яна бир бор айтиб ўтилди.
Тадбир давомида “Нефтчи” футболчиларига юксак ишонч билдирилди. Қайд этилганидек, жамоа майдонга шунчаки клуб эмас, балки Фарғонанинг орияти, ғурури ва ишончи сифатида чиқади. Янги мавсум — янги саҳифа, ҳар бир ўйин — масъулият, ҳар бир ғалаба — халқимиз учун байрам экани таъкидланди.
Жонкуяр мухлисларга ҳам миннатдорлик билдирилиб, уларнинг қўллаб-қувватлови жамоанинг асосий кучи экани айтилди.
Шундан сўнг икки жамоа аъзолари таништирилиб, ўйин бошланди.
Шиддат билан бошланган ўйиннинг 9-дақиқасида Боян Цигер томонидан аниқ йўлланган топ дарвоза тўридан жой олди. 30-дақиқада Стипе Перитса жамоамизнинг 2-голига муаллифлик қилди. Беллашувнинг 75-дақиқасида эса Зоран Марушич 3-голни ўз номига ёздириб қўйди.
Бугун Ислом Исмоилов шогирдлари янги мавсумни ғалаба билан бошлади.









