Ёшларнинг асосий мақсади илм олиш бўлиши керак
2026-02-26 19:20:00 / Янгиликлар

Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров сўз олиб давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга яратилаётган кенг имконият ва шарт-шароитларни алоҳида таъкидлади.
Куни кеча Президентимиз иштирокида ёшлар билан ўтган учрашувда ҳам билимли, ташаббускор ва фидойи ёшлар эътироф этилгани, фарғоналик йигит-қизлар ҳам ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиб келаётгани, юқори натижаларга эришаётган ўғил-қизлар мисолида айтиб ўтилди.
Ўн бир мингдан ортиқ талаба таҳсил олаётган Қўқон университетида ҳам ёшлар доимо фаол, изланувчан ва ташаббускор бўлиши зарурлиги таъкидланди.
“Энг асосий мақсад илм олиш бўлиши керак. Энг қиммат бойлик бу вақт. Уни қадрлаш зарур. Инсон ўзидан барҳаёт ном қолдирган аждодларга муносиб авлод бўлишни ният қилиши керак ”, — деди вилоят раҳбари.
Шундан сўнг ёшларнинг ташаббус ва таклифлари эшитилди. Хусусан, волонтёрлик ҳаракатини кенгайтириш, болалар ўртасида зўравонликнинг олдини олиш, ижтимоий фаолликни ошириш борасидаги ташаббуслар билдирилди.
Тадбиркорликни бошлаш, ривожлантириш истаги аҳолини, ёшларни ўқитиш, нуқсони бор фарзандларни фаол ҳаётга жалб этиш лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.
"Яшил макон" лойиҳаси доирасида "Сардорлар боғи" ни ташкил этиш, янги ўқув маркази фаолиятини йўлга қўйиш, шаҳар ва туманларда IT марказларни сонини кўпайтириш ва уларда ёшлар фаоллигини ошириш, ёшлар фурумларини ташкил этиш ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Ҳоким ва ёшлар кенгашини ташкил этиш ташаббуси ҳамда бошқа қатор таклифлар илгари сурилди.
Вилоят ҳокими ҳар бир билдирилган таклифларни қўллаб- қувватлаш, тизимли равишда амалга ошириш юзасидан масъулларга зарур топшириқлар берди. Улар натижадорлиги назоратга олиниши маълум қилинди.
Шунингдек, вилоят раҳбари ёшларга ўз фаолиятларини келгусида самарали йўлга қўйишлари учун ўз маслаҳатларини ҳам бериб ўтди.
Очиқ ва конструктив руҳда ўтган мулоқот ёшларнинг эртанги кунига ишончни янада мустаҳкамлади.









