«Нефтчи» ПФК: «Кучимиз майдонда - меҳримиз халқ билан!»
2026-02-24 21:05:00 / Янгиликлар

Тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, спортсевар ёшлар ва муассаса тарбияланувчилари иштирок этди. Маросим аввалида жамоа аъзолари тантанали равишда кутиб олинди. Қуръон тиловат қилиниб, жамоанинг янги мавсумдаги зафарлари ва ютуқлари учун дуолар қилинди. Болажонлар томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлади.
Футболчилар «Мурувват уйи» тарбияланувчилари ҳолидан хабар олиб, уларга эсдалик совғаларини топширишди. Бу эътибор ва меҳр-саховат муборак ойда болажонлар қалбига чексиз қувонч бағишлади.
Сўнгра тадбир «Мурувват уйи» стадионида давом этди. Янги мавсум олдидан жамоа сафига қўшилган футболчилар - Иброҳим Шокиров, Мўминхон Баҳодирхонов, Далер Тухсанов, Рустамбек Фомин, Иззатилло Пўлатов, Хуршидбек Ғиёсов, Ратинё, Стипе Перица ва Асилбек Жумаев мухлисларга расман таништирилди.
Маросимда сўзга чиққан футбол фахрийси Тоҳир Кападзе янгиланган таркибга омад тилаб, жорий мавсумда юқори натижалар қайд этилишига ишонч билдирди. Бош мураббий Ислом Исмоилов ҳамда жамоа сардори Анвар Ғофуров янги мавсумда юксак марраларни забт этиш асосий мақсад эканини таъкидладилар. Жамоа олдига Ўзбекистон Суперлигаси ва Кубогида ғолибликни қўлга киритиш, шунингдек, Осиё Чемпионлар лигасида муваффақиятли иштирок этиш вазифаси қўйилди.
«Биз биргаликда кучмиз!» ва «Меҳр билан кучлимиз!» шиорлари остида ўтган мазкур тадбир спорт ва инсонийлик уйғунлашган унутилмас воқеага айланди. Футболчилар майдонда ўз маҳоратларини намойиш этиб, болажонлар билан бирга футбол ўйнадилар.
Эзгулик тадбирлари Фарғона шаҳридаги «Саховат уйи»да ҳам давом этди. Кексалар билан самимий мулоқотлар қилиниб, ифторлик дастурхони атрофида дилдан суҳбат қурилди.









