Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бугун туркиялик инвестор Еркан Алкан бошчилигидаги делегацияни қабул қилди
2026-02-19 18:40:00 / Янгиликлар
Учрашувда ресторан бизнеси, озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси ҳамда текстиль йўналишларидаги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.

Туркиялик сармоядорлар иштирокида Фарғона вилоятида қатор лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани, бу эса ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги ортиб бораётганидан далолат эканлиги эътироф этилди.
Вилоятда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, инфратузилманинг ривожлангани ҳамда маҳаллий хомашё базасининг мавжудлиги хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар очмоқда.
Вилоят ҳокими ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишга, инвесторлар томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди.
Учрашувда ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, аниқ йўналишлар бўйича ҳамкорликни амалий босқичига ўтиш чора-тадбирлари келишиб олинди.



