Спорт соҳасида катта марралар ва натижалар кўзланмоқда
2026-02-19 17:30:00 / Янгиликлар

Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Спорт вазири Адҳам Икрамов, вилоятдаги спорт соҳаси масъуллари, спортчилар ҳамда тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Дастлаб ўтган йил давомида халқаро майдонларда юқори натижаларга эришган вилоят спортчилари муносиб тақдирланди.
Юртимиз ва Фарғонанинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга ҳисса қўшган спортчиларга пул мукофотлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, Спорт вазири Адҳам Икрамов вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровга "Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси" кўкрак нишонини тантанали топширди.
Шундан сўнг давом этган йиғилиш давомида 2025 йилда вилоятда спорт соҳасида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, соҳани янада ривожлантиришга қаратилган устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Аҳолининг барча қатламларини, айниқса, ёшларни спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оммавий спорт ҳаракатини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, “Беш ташаббус олимпиадаси”, “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” ва “Президент олимпиадаси” каби йирик спорт мусобақаларини юқори савияда ташкил этиш, улар қамровини кенгайтириш ҳамда иқтидорли ёшларни саралаш тизимини такомиллаштириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Йиғилишда спорт соҳасини рақамлаштириш, ягона маълумотлар базасини шакллантириш, спортчилар ва мураббийлар фаолиятини мониторинг қилиш тизимини янада такомиллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Бу борада замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Якунда белгиланган топшириқлар ижросини самарали таъминлаш, ҳудудда спорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда оммавий спорт ҳаракатини янги босқичга олиб чиқиш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.









