Фарғонада 20 нафар Миллий гвардия ҳарбий хизматчисига янги хонадонлар топширилди
2026-02-14 13:25:00 / Янгиликлар

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Вилоят ҳокими янги хонадон соҳибларини қутлар экан, мамлакатимизда миллий армия қудратини ошириш билан бирга, ҳарбийларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва уларни уй-жой билан таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини таъкидлади. Ватан тинчлиги ва халқ осойишталиги йўлида хизмат қилаётган посбонлар учун яратилаётган бундай шароитлар уларга янада куч-ғайрат ва хотиржамлик бағишлаши қайд этилди.
“Янги Ўзбекистон” массивидаги шинам ва замонавий кўп қаватли уйларнинг имтиёзли ипотека кредити асосида берилаётгани ҳарбийларга кўрсатилаётган юксак ғамхўрликнинг амалий намунасидир. Бу масканлар ўз касбига садоқатли, мард ўғлонлар ва уларнинг оилалари учун фаровон ҳаёт қўрғони бўлиб хизмат қилади.
Тадбир давомида ҳарбий хизматчиларга янги хонадонлар калитлари тантанали равишда топширилди. Ўз навбатида, уй соҳиблари яратилган замонавий шарт-шароитлар учун давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорлик билдирдилар.
Маросим якунида меҳмонлар янги хонадонлардаги қулайликларни кўздан кечириб, ҳарбийларнинг оила аъзолари билан дилдан суҳбатлашдилар. Нуронийлар томонидан дуолар қилиниб, юртимизга тинчлик, хонадонларга эса қут-барака тилашдилар.





