Чуқур билим ва умуминсоний қадриятлар - талаба ёшларнинг бош мақсади бўлиши керак
2026-02-10 17:45:00 / Янгиликлар

Учрашувда вилоят ҳокими ёшлар билан илм олишнинг аҳамияти, билим йўлидаги машаққатларга бардошли бўлиш, вақтни қадрлаш масалалари хусусида атрофлича фикр билдирди. Шунингдек, талабалар нафақат чуқур билим эгаси, балки умуминсоний фазилатлар, қадриятларни ўзида мужассам этган, ахлоқ-одобли, юксак маънавиятли инсон, етук кадрлар бўлиб камол топиши зарурлигини таъкидлади.
Самимий мулоқот давомида ватанпарварлик, юртга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат мавзуларига алоҳида эътибор қаратилди.
Вилоят ҳокими бугунги глобаллашув шароитида дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалар ва турли таҳликалар мисолида Ватан тинчлиги, осойишталиги ва унинг бебаҳо неъмат эканини тушунтириб ўтди. Шунингдек, Ватанни севиш оиладан бошланиши, ўз яқинларини қадрлаган инсоннинг юртга бўлган муҳаббати ҳам юксак бўлиши алоҳида таъкидланди. Ҳаётни яхшилик, эзгулик ва бунёдкорлик билан мазмунли қилиш муҳимлиги айтилди.
Учрашувда талабалар ҳам сўз олиб, давлатимиз томонидан яратилаётган кенг имкониятлар туфайли эришаётган ютуқлари, илмий ва ижодий изланишлари ҳақида фикр билдирдилар. Ёшлар таълим соҳасига қаратилаётган эътибор ва яратилаётган шарт-шароитлар учун Президентимизга миннатдорлик билдирдилар.
Якунда бундай очиқ ва самимий мулоқотлар келгусида ҳам давом эттирилиши маълум қилинди.
Учрашувда Фарғона давлат университети ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов ҳар иштирок этди.
Маълумот ўрнида: университетда жорий ўқув йилида талабалар орасида Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси, Бобур, Паҳлавон Маҳмуд ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги давлат стипендиялари, шунингдек, 14 нафар талаба Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси соҳиби бўлди.







