Қува туманида Туркиянинг "Heyal holding" компанияси томонидан ташкил этилаётган "Турон турк" махсус саноат зонасининг биринчи босқичи қурилишига киришилди
2026-02-09 15:40:00 / Янгиликлар

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими туркиялик инвесторлар билан ўтказилган келишувлар самарасида бугун "Турон турк" саноат зонасини ташкил қилишга киришилаётганлиги, мазкур саноат зонаси салоҳияти, кўлами нуқтаи назаридан вилоятимизда алоҳида ўринда турувчи саноат зонаси бўлишига ишонч билдирилди. Ушбу лойиҳа ҳудуд тараққиётида янги босқични бошлаб бериши таъкидланди.
Барча вилоят ташкилотлари, бошқармалари бу ишни амалга оширишда инвесторларга кўмакдош бўлиши кераклиги таъкидланди. Қисқа муддатда саноат зонани ишга тушириш ҳисобига янги иш ўринлари яратилиши қайд этилди. Бу ишларга бош бўлаётган турк ишбилармонларига миннатдорлик билдирилди.
Тадбирда “Heyal Holding” компанияси таъсисчиси Ваҳдеттин Ҳеял Ўзбекистонда яратилган қулай инвестиция муҳити турк ишбилармонларининг қизиқишини ошираётганини қайд этиб, Фарғонада амалга оширилаётган ушбу лойиҳа ҳамкорликнинг янги саҳифасини очишини билдирди.
Вилоят ҳокимининг қўллаб—қувватлови, билдирилган ишончи билан ушбу лойиҳа амалга оширилаётганлигини таъкидлаб, лойиҳанинг биринчи босқичи сентябрь ойида топширилиши мақсад қилинганини маълум қилди.
Тадбирда нуронийлар иштирокида дуолар қилиниб, йирик лойиҳа қурилишига киришилди.
Маълумот ўрнида, Қува туманида 26 гектар майдонда барпо этилаётган “Турон турк” махсус саноат зонасининг умумий қиймати 350 миллион долларни ташкил этади. Унда мева-сабзавотларни қайта ишлаш, электротехника, озиқ-овқат ва тўқимачилик соҳаларида ишлаб чиқариш лойиҳалари жойлаштирилиб, 5 мингга яқин юқори даромадли иш ўринлари яратилади. Лойиҳада энг замонавий технологиялар қўлланилади.







