Кореялик инвесторлар билан янги лойиҳалар амалга оширилади
2026-02-09 12:45:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида кореялик инвесторлар томонидан ахборот технологиялари, таълим соҳасида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар, шунингдек, келгусида режалаштирилаётган истиқболли ташаббуслар атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, “AHA Co., Ltd” компанияси раҳбари Ку Ги До Фарғона шаҳри Экошаҳар ҳудудида барпо этилаётган янги ишлаб чиқариш корхонаси бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Фарғона вилоятига жалб қилиниши режалаштирилаётган янги инвестицион лойиҳалар, таълим ва ахборот технологиялари соҳаларида грант лойиҳаларини жалб этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Ку Ги До мазкур лойиҳалар доирасида кореялик ҳамкорлар томонидан ҳам Фарғона вилоятининг турли йўналишларига инвестиция киритиш нияти борлигини таъкидлаб, бугунги учрашувга ҳам кореялик ҳамкори билан ташриф буюрганини қайд этди.
“Shindo Industry Co., Ltd” компанияси раҳбари Донг Хийек Хванг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган замонавий ускуналарни Фарғона вилоятида амалиётга татбиқ этиш бўйича ҳамкорлик қилиш ва инвестиция киритиш режалари ҳақида тўхталиб ўтди. Бу орқали йўл-транспорт ҳодисалари оқибатларини камайтириш, ҳайдовчилар ва пиёдалар хавфсизлигини оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Шунингдек, Донг Хийек Хванг Фарғонада парфюмерия маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни режалаштиргани, бу борада Фарғона шаҳридаги KIUF университетида маҳсулотларни тарғиботи йўлга қўйилгани қайд этилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билдирилган барча таклиф ва лойиҳалар Фарғона вилояти учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, уларни амалга ошириш бўйича тегишли масъуллар бириктирилишини ҳамда ҳамкорликда аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини қайд этди.
Шу билан бирга, Фарғона вилоятига грант лойиҳаларини жалб қилиш долзарб экани таъкидланиб, ушбу йўналишда ҳамкорликни янада жадаллаштиришга келишиб олинди.
Учрашув якунида Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда “Shindo Industry Co., Ltd” компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.





