Буюк мутафаккир меросига эҳтиром: Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги кенг нишонланмоқда
2026-02-09 11:15:00 / Янгиликлар

Бугун эрта тонгда Фарғона шаҳридаги Алишер Навоий хиёбонида ҳам тантанали эҳтиром тадбири ўтказилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, адабиётшунос олимлар, зиёлилар, талаба-ёшлар ҳамда шеърият ихлосмандлари иштирок этдилар.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирокчиларни буюк мутафаккир ва давлат арбоби ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги билан табриклади.
Навоий илгари сурган инсонпарварлик, адолат, маърифат ва эзгулик ғоялари бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан уйғун экани таъкидланди.
Шунингдек, Навоий ўз асарлари билан туркий тилни қудратини намоён этгани, илмни шарафлаб, инсон қадрини улуғлагани қайд этилди.
Буюк аллома учун Ватан муқаддас тушунча, адолат ҳаёт мезони, маърифат эса нажот йўли бўлгани, унинг бой мероси нафақат адабий хазина, балки маънавий дастур ва тарбия мактаби экани таъкидланди.
Анжуманда иштирок этган олимлар ва ижодкорлар Навоий ҳазратларининг илмий-адабий мероси, жаҳон адабиётидаги беқиёс ўрни ҳамда “Хамса” асарининг юксак маънавий аҳамияти ҳақида сўз юритдилар. Шоир Эркин Бозоров, филология фанлари доктори, профессор Зебо Қобулова Навоий ижодининг ўзига хос жиҳатлари, ёшлар тарбиясидаги аҳамияти хусусида фикр билдирдилар.
Тадбир доирасида маданий чиқишлар, шеърий композициялар ҳамда саҳна кўринишлари намойиш этилди. Якунда иштирокчилар буюк шоир ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, унинг ёрқин хотирасига эҳтиром кўрсатдилар.









