Вилоят ҳокими Қўқон шаҳрида шаҳарсозлик ва спорт инфратузилмаси бўйича лойиҳалар билан танишди
2026-02-07 18:25:00 / Янгиликлар

Тақдимотга кўра, Қўқон шаҳри ҳудудида 52 гектар майдонда янги шаҳарча барпо этиш режалаштирилган. Ушбу шаҳарчада шаҳарнинг барча маъмурий бинолари ҳамда давлат ташкилотлари бир жойга жамланиши кўзда тутилган.
Лойиҳа билан танишиш жараёнида вилоят ҳокими янги шаҳарча бош режасини мукаммал ишлаб чиқиш, ижтимоий объектларнинг жойлашуви бўйича аниқ ва асосланган таклифлар тайёрлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берди.
Шу куни вилоят ҳокими Шикорбеги маҳалласида барпо этилаётган футбол стадионини ҳам бориб кўрди. Қайд этилишича, ушбу маҳаллада 2025 йилда ташкил этилган “Келажак футбол лигаси” маҳаллалардаги футболга қизиқувчи ёшларни бирлаштириб, уларнинг иқтидорини ривожлантиришга хизмат қилиб келмоқда.
Айни пайтда қурилаётган стадион келажак футбол лигасида иштирок этаётган ёш иқтидорли спортчилар учун машғулотлар ва мусобақалар ўтказишда муҳимлиги таъкидланди.
Футбол майдони билан танишиш чоғида вилоят ҳокими инфратузилмани замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.



