Фурқат туманида “Do‘stlik city Mall” халқаро савдо ва кўнгилочар комплекси барпо этилмоқда
2026-02-06 15:45:00 / Янгиликлар

Айни кунларда объектда қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Вилоят ҳокими лойиҳа ижросини кўздан кечириб, ишлар сифатини таъминлаш, белгиланган муддатларга қатъий риоя қилиш ҳамда замонавий қурилиш технологияларидан самарали фойдаланиш юзасидан масъулларга кўрсатма ва тавсиялар берди.
Мазкур ҳудудда текстиль маҳсулотлари, қурилиш материаллари, уй-рўзғор буюмлари савдоси ҳамда ишлаб чиқариш фабрикалари фаолияти йўлга қўйиладиган 6 та махсус майдон ташкил этилиши режалаштирилган. Шунингдек, уч қаватли замонавий савдо маркази ҳам қурилмоқда.
Умумий қиймати 400 миллиард сўмга тенг бўлган лойиҳа 2027 йилда тўлиқ ишга туширилиши кўзда тутилган. Натижада 4 мингта янги иш ўрни яратилади. Мажмуа бир вақтнинг ўзида 40 минг нафаргача меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга бўлади.
Лойиҳа нафақат маҳаллий аҳоли, балки Тожикистон ва Қирғизистон каби қўшни давлатлардан келувчи харидорларга ҳам хизмат кўрсатиши кутилмоқда.






