Фурқат тумани "оғир" тоифадан чиқарилиб, ижтимоий-иқтисодий ривожлантирилади
2026-02-06 13:40:00 / Янгиликлар

Сессия кун тартибига кўра, туман ҳокими Элёрбек Асронқулов Фурқат туманини “оғир” туманлар тоифасидан чиқариш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини жадаллаштириш бўйича амалга ошириладиган ишлар юзасидан туман аҳлига мурожаат қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 23 январь куни ўтказилган камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида 37 та “оғир” туман бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Шу асосда Фурқат туманида ҳам аҳоли даромадини ошириш, иш ўринлари яратиш ва ҳудудни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.
Мурожаатда 34 та маҳаллани янгича ёндашувлар асосида жадал ривожлантириш режалаштирилгани, ҳудудий инвестиция дастури доирасида саноат соҳасида 79 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 65 та, қишлоқ хўжалигида 36 та лойиҳа амалга оширилиши маълум қилинди. Шунингдек, бўш турган бино ва майдонларни тадбиркорларга бериш, ҳар бир маҳалланинг ихтисослашуви бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш белгиланган.
Айни пайтда 219 миллион долларлик хорижий инвестициялар пакети шакллантирилган бўлиб, 140 миллион долларлик 9 та лойиҳа бўйича келишувларга эришилган.
Бюджет маблағлари ҳисобидан 238,2 миллиард сўм ажратилиши орқали 672 та лойиҳа амалга оширилиб, 2 минг 20 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, электр энергияси ва сув таъминотини яхшилаш, аҳоли учун муносиб шароитлар яратиш бўйича тадбирлар амалга оширилади. “Янги Ўзбекистон” қиёфасини шакллантириш режалаштирилган 5 та маҳалла учун 46,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган.
Туман ҳокими мазкур вазифаларни тўлиқ амалга ошириш орқали Фурқат туманини “оғир” туманлар рўйхатидан чиқариш бўйича қатъий чоралар кўрилишини таъкидлади.
Сессияда сўзга чиққан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров раҳбарлар ва депутатлар олдида катта масъулият турганини қайд этиб, пировард мақсад аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизликни камайтириш, камбағалликни қисқартириш эканини алоҳида таъкидлади.
Ҳар бир лойиҳа чуқур таҳлил қилиниб, аниқ режа асосида амалга оширилиши зарурлигини қайд этди. Сарфланган маблағлар манфаат келтириши, муносиб даромад олиб келиши муҳимлигига эътибор қаратди. Туманда тадбиркорликни ривожлантириш, уларни лойиҳа таклифларини қўллаб-қувватлаш зарурлиги билдирилди. Ҳар бир йўналишдаги муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Шундан келиб чиқиб, депутатлар ҳам ўз муносабатларини билдириши, жараёнларда фаол бўлишлари кераклиги айтилди.
Сессия давомида кун тартибидаги масала юзасидан депутатлар фикрлари эшитилди.







