Фарғона вилояти ва Афғонистон тадбиркорлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгаймоқда
2026-02-05 17:25:00 / Янгиликлар

Музокаралар жараёнида томонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тўқимачилик, электротехника, кимё саноати ҳамда енгил саноат маҳсулотларини Афғонистон бозорига етказиб бериш масалалари юзасидан ишбилармонлик музокараларини олиб бордилар.
Афғон томони Фарғона вилоятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати ва рақобатбардошлигини алоҳида эътироф этиб, уларга катта қизиқиш билдирди. Учрашувлар якунларига кўра қатор йўналишлар бўйича дастлабки келишувларга эришилиб, яқин келажакда узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Айнан ушбу музокаралар доирасида вилоят Савдо-саноат палатаси томонидан Фарғона вилояти делегациясининг Сурхондарё вилоятида жойлашган “Термиз халқаро савдо маркази”да махсус кўргазма-ярмаркаси ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Нуриддин Мамажанов бошчилигидаги тадбиркорлар делегацияси иштирок этди.
Шунингдек, Афғонистон тадбиркорлари кўргазмада тақдим этилган Фарғона вилояти маҳсулотларининг барча турларидан намуналарни танлаб олиб, уларни кейинчалик ўрганиш, Афғонистон бозори талабларига мослаштириш ҳамда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаш мақсадида ўзлари билан олиб кетдилар.






