Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Хитой Халқ Республикасининг “INTOP” компанияси раҳбари Ли Йингтаони қабул қилди
2026-02-05 11:45:00 / Янгиликлар

Мулоқотда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб, стратегик шериклик, ўзаро дўстлик ва мустаҳкам ишончга асосланган ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани, Хитой Ўзбекистонга энг кўп сармоя киритаётган мамлакатлардан бири экани қайд этилди.
Хусусан, Фарғона вилояти ва Хитойнинг Шандун провинцияси ўртасида ҳам барқарор ҳамкорлик муносабатлари шаклланаётгани, вилоят делегациясининг Хитойга амалга оширган ташрифлари доирасида эришилган келишувлар амалий босқичга ўтаётгани, ҳудудлараро ўзаро манфаатли алоқалар кенгайиб бораётгани таъкидланди.
Компания раҳбари Ли Йингтао режалаштирилаётган лойиҳа бўйича маълумот бериб, ишлаб чиқариш қувватлари, сармоя ҳажми ҳамда истиқболда яратиладиган иш ўринлари ҳақида маълумот берди.
Вилоят ҳокими ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаб, ишлаб чиқаришда замонавий технологияларни жорий этиш, экспортни кенгайтиришга эътибор қаратишни таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар лойиҳани амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва келишилган режаларни босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этишга келишиб олдилар.


