Фарғона вилоятида жиноятчиликка қарши курашиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди
2026-01-29 19:05:00 / Янгиликлар

Унда жорий йилнинг 27 январь куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат ва жамият хавфсизлигига бевосита таҳдид солаётган уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятлар ҳамда яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича берилган топшириқлар ижроси, шунингдек, Фарғона вилоятидаги мавжуд ҳолат атрофлича муҳокама қилинди.
Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов Чилонзор тумани мисолида жорий этилган янги тизим, унинг мазмун-моҳияти ва мазкур тажрибани Фарғона вилоятида самарали татбиқ этиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Вилоятда жиноятчиликка қарши курашиш, унинг барвақт олдини олиш борасида муайян ижобий ишлар амалга оширилгани қайд этилган бўлса-да, айрим ҳудудларда жиноятчилик кўрсаткичлари юқори экани, маҳаллаларда ишни ташкил этишда хато ва камчиликларга йўл қўйилаётгани танқид қилинди. Аниқ мисоллар орқали мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Шунингдек, Фарғона вилоятининг географик жойлашуви, аҳолиси сони жиҳатидан республикадаги энг йирик ҳудудлардан бири экани қайд этилиб, вилоятда хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича мутасадди раҳбарларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ҳамда жиноятчиликка қарши фаол курашиш борасида барча масъул идоралар ўртасида ҳамкорлик янада кучайтирилишини таъкидлади.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғига кўра Аюбхон Тошхўжаевич Раҳматуллаев Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинлангани маълум қилинди. Тайинловга қадар А.Раҳматуллаев Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Тезкор қидирув департаменти бошлиғи лавозимида ишлаб келган.
Йиғилиш давомида келгусида амалга ошириладиган чора-тадбирлар келишиб олинди.








