Фарғонада ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлиги ошмоқда
2026-01-28 22:45:00 / Янгиликлар
Вилоят ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги Ҳукумат комиссияси ҳамда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирокида Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, сармояларни кенг жалб этиш, лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари ҳамда уларнинг инвестиция масалалари бўйича ўринбосарлари иштирок этдилар.
Йиғилишда 2026 йилда шаҳар ва туманларда амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳалари тақдимот қилинди.
2026 йилда Фарғона вилоятида жами 4,2 миллиард долларлик инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган. Мазкур маблағлар доирасида вилоят бўйича жами 1 424 та янги лойиҳа ишга туширилиши, натижада 52 мингта янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Йиғилишда шаҳар ва туман ҳокимлари 2025 йилда ўзлаштирилган хорижий инвестициялар режасининг бажарилиши ва 2026 йилда ўз ҳудудларидаги драйвер соҳалар — саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш йўналишларидаги йирик лойиҳалар ҳақида батафсил ахборот бердилар.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев ҳар бир лойиҳанинг сифати, уни амалга ошириш муддатлари ва экспорт салоҳиятига тўхталиб ўтди. Лойиҳаларни ишлаб чиқишда нафақат сон, балки юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров эса лойиҳаларни ишлаб чиқишдан бошлаб, инвесторлар учун қулай муҳит яратишгача бўлган барча жараёнларни тизимли назорат қилиш бўйича шаҳар ва туманлар ҳокимларига аниқ вазифалар юклади.
Бу ташаббуслар Фарғона вилоятининг 2026 йилдаги инвестициявий жозибадорлигини янада оширишга қаратилган.





