Фурқат туманида ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш, ёшларни замонавий касбларга йўналтириш мақсадида “Innovation hub” инновацион марказнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди
2026-01-29 09:15:00 / Янгиликлар

Тадбир давомида рамзий лента кесилиб, меҳмонлар марказда яратилган шарт-шароитлар, ўқув хоналари, замонавий техника ва ускуналар билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, ўқув жараёнлари, қўшимча машғулотлар ва ёшлар учун яратилган имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Ушбу инновацион марказни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад — туман ёшларини замонавий ва талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини ривожлантириш, келажакда рақобатбардош мутахассислар этиб тарбиялашдан иборат.
Марказда ёшлар учун SMM, дастурлаш, сунъий интеллект, график дизайн каби замонавий йўналишлар бўйича машғулотлар ташкил этилган. Шунингдек, хорижий тилларни ўрганишга қизиқувчи ўқувчилар учун турк ва корейс тиллари бўйича ҳам махсус курслар йўлга қўйилган.
Таъкидлаш жоизки, бундай инновацион марказлар туман ёшларининг билим ва кўникмаларини ошириш, уларни замон талабларига мос равишда тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади. “Innovation hub” келгусида ҳам иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқаришга хизмат қилиши шубҳасиз.









