Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Хитой Халқ Республикасининг қурилиш ва энергетика соҳаларида катта тажрибага эга бўлган инвесторлар гуруҳини қабул қилди
2026-01-27 10:40:00 / Янгиликлар

Хитойлик инвесторлар томонидан вилоят иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилувчи бир қатор йирик лойиҳалар бўйича маълумот берилди. Хусусан, сифатли кабель маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қурилиш соҳасида юқори мустаҳкамликка эга цемент-бетон маҳсулотлари тайёрлаш, Марғилон шаҳрида барпо этилаётган "Янги Ўзбекистон" массивидаги қурилиш объектларидаги иштирок, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш мақсадида шамол электр станциялари, шаҳар кўчаларини ёритиш тизимини модернизация қилиш ва замонавий энергия тежовчи чироқлар ўрнатиш бўйича лойиҳа таклифлари илгари сурилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров хорижлик ҳамкорларнинг таклифларини юқори баҳолаб, ушбу лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун вилоятда етарли имконият ва қулай инвестиция муҳити мавжудлигини таъкидлади. Вилоят раҳбари билдирилган барча лойиҳалар тўлиқ қўллаб-қувватланишини ва уларни амалга ошириш жараёнида ҳокимлик томонидан ҳар томонлама кўмак кўрсатилишини маълум қилди.
Учрашув якунида томонлар келишилган лойиҳаларни сифатли ва қисқа муддатларда бошлаш, амалий ишлар жараёнини жадаллаштиришга келишиб олдилар.






