Фарғона вилоятида инвестиция ва экспорт ҳажмларини ошириш бўйича юқори марралар белгиланди
2026-01-16 13:15:00 / Янгиликлар

“2025–2026 йилларда Фарғона вилоятида инвестиция ва экспортни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари” мавзусида ташкил этилган анжуманда ҳудудда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқаро ҳамкорлик алоқалари, инвестиция жалб этиш ва экспорт соҳасида эришилган натижалар юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Қайд этилганидек, 2025 йил Фарғона вилояти учун халқаро ҳамкорлик йўналишида самарали йил бўлди. Жами 1 281 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 3,7 млрд АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилди. Шундан 2,5 млрд доллари хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келади.
Вилоят тадбиркорларидан иборат делегациялар Хитой, Россия, Жанубий Корея, Туркия, Япония, Қувайт, Германия, Беларусь, Озарбайжон, Малайзия каби 13 та давлатга ташриф буюриб, 800 дан ортиқ савдо-иқтисодий музокаралар ўтказилди. Шунингдек, Фарғона вилоятига кўплаб хорижий инвесторлар ташриф буюриб, улар билан муҳим келишувларга эришилди.
Яна бир қувонарли жиҳат, 2025 йилда халқаро “S&P Global” рейтинг агентлиги Фарғона вилоятининг хорижий ва миллий валютадаги узоқ муддатли кредит рейтингини икки марта яхшилаб, ноябрь ойида “B+” даражадан “BB-”га кўтарди ҳамда барқарор ўсиш прогнозини берди.
Анжуман давомида Президент топшириқ ва кўрсатмалари асосида вилоятда қўлга киритилаётган натижалар, шунингдек, 2026 йилга мўлжалланган устувор вазифалар хусусида ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.




