Фарғонада “Миллий армия – она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони!” шиори остида байрам тадбирлари кўтаринкилик билан бўлиб ўтмоқда
2026-01-14 15:30:00 / Янгиликлар

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров йиғилганларни, барча ҳарбий хизматчиларни ва уларнинг оила аъзоларини байрам билан самимий муборакбод этди. Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Қуролли Кучларимиз мамлакатимиз мустақиллигини, давлат чегараларининг дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашнинг ишончли кафолатига айланиб бораётгани таъкидланди.
Энг муҳими, халқ ва армия ўртасидаги ҳамжиҳатлик тобора мустаҳкамланиб, ҳарбий соҳанинг ривожига янги куч ва сифат бағишламоқда.
Айниқса, ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилгани ҳарбий инфратузилмани ривожлантириш, хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун муносиб ижтимоий шароитлар яратиш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиққани қайд этилди. Мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорлик тараққиётнинг муҳим омили эканлиги, илм-фанни, иқтисодиётни ривожлантириш, мудофаани мустаҳкамлаш ва юртимиз қудратини ошириш муҳим вазифа бўлишлиги айтиб ўтилди.
Вилоят раҳбари куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг мамлакат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Унда мамлакат хавфсизлигини таъминлаш, мудофаа қобилиятини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилгани таъкидланди.
Тадбир давомида вилоят ҳокими Президентимизнинг тегишли Фармонига мувофиқ тақдирланган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини яна бор муборакбод этди.
Байрам тантаналари давомида юрт тинчлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган ҳарбийлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Вилоят санъат усталари ижросидаги концерт дастури, унда янграган Ватанни улуғловчи куй-қўшиқлар, ҳарбий оркестр чиқишлари барчага кўтаринки кайфият бағишлади.









