Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона вилояти филиалида тез тиббий ёрдам ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув-симуляция маркази очилди
2026-01-06 14:05:00 / Янгиликлар

Сўз олганлар томонидан ушбу ўқув-симуляция маркази Республика тез тиббий ёрдам маркази ва Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси (KOFIH) ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда шифохонагача тез тиббий ёрдам хизмат салоҳиятини ошириш” бўйича грант лойиҳаси доирасида ташкил этилгани таъкидланди.
Мазкур грант лойиҳасининг асосий мақсади шифохонагача бўлган босқичда тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ва малакасини ошириш орқали Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам сифатини яхшилашдан иборат.
Ўқув-симуляция маркази тез тиббий ёрдам ходимларини (шифокорлар, фелдшерлар ва ҳайдовчилар) базавий ва кенгайтирилган реанимация, чақалоқлар реанимацияси, педиатрия амалиётида базавий реанимация, шифохонагача бўлган жароҳатлар, шошилинч туғруқ ва бошқалар бўйича ўқитиш учун замонавий симуляторлар билан жиҳозланган.
Шунингдек, олис ҳудудларда тез тиббий ёрдам ходимларини ўқитиш учун мобил ускуналар мавжуд.
Корея Республикасида янги ташкил этилган ўқув-симуляция марказида ўқув машғулотларини олиб бориш учун Фарғона филиали ходимларидан ТоТ (Training of Trainers) йўналиши бўйича 4 нафар инструктор тайёрланди.
Тадбир давомида сўз олганлар шулар хусусида тўхталиб, Корея Республикаси билан ҳамкорлик жараёнлари, тиббиётдаги ислоҳотлар ҳақида маълумот бердилар.
Рамзий лента қирқилиб, тадбир иштирокчилари марказдаги мавжуд имкониятлар, шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.









