“Президент арчаси” болажонларга унутилмас завқ улашди
2025-12-25 14:55:00 / Янгиликлар

Ҳар бир байрам болалар билан тотли. Уларнинг хурсандчилиги бахтимиз, уларнинг табассуми қувончимиздир. Янги йил байрами арафасида эса жажжи болажонлар кўнглига қувонч улашиб, давлатимиз ғамхўрлигининг ифодаси сифатида “Президент совғаси” тортиқ қилинади.
Тадбирда вилоятимиздаги оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган ўғил-қизлар ҳамда Ватанимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлида қурбон бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари иштирок этди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров болажонларни кириб келаётган янги йил билан қутлаб, эзгу тилакларини билдирди. Уларга Президент совғалари топширилди.
Шундан сўнг "Мўъжизавий Янги йил саёҳати" деб номланган театрлаштирилган бадиий дастур намойиши иштирокчиларга янада хушкайфият улашди.
Маълумот учун: Фарғона вилоятидаги оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари, Ватан сарҳадларини ҳимоялаш йўлида жон фидо қилган ўғлонларимиз ҳамда боқувчисини йўқотган оилаларнинг 913 нафар фарзандига Президент совғалари топширилмоқда.









