Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг "Aros Information Technology" компанияси директори Чжан Зицинни қабул қилди
2025-12-23 20:55:00 / Янгиликлар

Aros - технологик ва инновацион техникалар ишлаб чиқарувчи компания бўлиб, ўз фаолияти давомида замонавий ҳимоя, интеграция ва технологик ечимларни яратиш ва амалга ошириш билан шуғулланади. Компаниянинг мақсади эко-дос, тежамкор ва инновацион технологияларга асосланган маҳсулотлар, хизматларни жорий этишдан иборат.
Мулоқотда компания томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий ёндашув, илғор технологияларга асосланган ҳолда ишлаб чиқарилаётган замонавий техникалар, уларнинг афзалликлари, тежамкорлиги ҳақида тақдимот ўтказилди.
Фарғона давлат техника университети билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалигида фойдаланиш бўйича янги инновацион техникаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалаларига тўхталиб ўтилди. Компания директорининг маълум қилишича, инновацион техникалар қишлоқ хўжалигида фойдаланишда ёқилғи сарфини камайтиради.
Вилоят раҳбари тақдим этилган лойиҳа муҳим эканлигини қайд этиб, уни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди. Энг аввало замонавий ва илғор технологиялар асосида ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шу орқали янги иш ўринлари яратиш муҳим мақсадлардан бири эканини алоҳида таъкидлади.
Якунда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича уч томонлама келишув имзоланди.


