Фарғонада Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни катта шодиёналар билан нишонланмоқда
2025-12-13 18:10:00 / Янгиликлар

Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров соҳа ходимларини касб байрами – Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни ва Ҳосил байрами билан самимий табриклади.
Президентимизнинг тегишли фармони билан давлатимизнинг юксак мукофотлари — фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган фарғоналик 8 нафар соҳа фидойиларини яна бир бор муборакбод этди. Келгусида бундай мукофот эгалари вилоятимизда янада кўпайишига ишонч билдирди.
Вилоят ҳокими Давлатимиз раҳбари бошчиликларида қишлоқ хўжалигида катта ислоҳотлар амалга оширилаётгани, 10 декабрь куни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа вакиллари билан ўтказилган учрашувда ҳам қатор янги ташаббуслар илгари сурилиб, тизим учун муҳим қарорлар қабул қилинаётганини қайд этди.
Фарғонада 2025 йил қишлоқ хўжалигида мисли кўрилмаган туб бурилиш йили бўлгани, катта марраларга эришилгани, шу билан бирга соҳага янги илм ва имкониятлар кириб келаётгани ўз самарасини бераётганлиги таъкидланди.
Айниқса, пахтачилик ва ғаллачиликда шаклланган илғор тажриба натижасида ҳосилдорлик ошгани, пахтачиликда 70-90 центнергача ҳосил олиш мумкинлиги, ғалладан эса ҳосилдорлик 100 центнерга чиқаётгани билдирилди.
Боғдорчилик, мева-сабзавотчилик, чорвачиликда ҳам Фарғонада салмоқли кўрсаткичларга эришилаётганлиги айтилди. Қайта ишлаш, логистка ва экспорт йўналишларида истиқболли лойиҳалар амалга оширилиб, вилоятимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 67 та давлатга экспорт қилинмоқда ва бунга талаб йилдан-йилга ошиб бораётгани эса қувонарлидир.
Вилоят ҳокими тадбирда қишлоқ хўжалигининг барча йўнлишларига алоҳида эътибор қаратиб, келгусидаги устувор вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди. Хориж тажрибаси, замонавий технологиялар, илм-фан ютуқларини жорий этиш орқали соҳани янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари белгиланаётгани маълум қилинди.
Тантанали тадбирда Ҳусанбой Ғофуровга "Фидокорона хизматлари учун" ордени топширилди.
Ҳосил байрамида қишлоқ хўжалиги соҳасида юқори кўрсаткичларга эришган бир гуруҳ фермерларга ҳамда соҳанинг илғор фахрийлари ва ходимларига "Қишлоқ хўжалиги фидойиси", "Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги аълочиси", "Илғор фермер", "Намунали томорқачи", "Меҳнаткаш деҳқон", "Ўзбекистон Республикаси ветеренария фидойиси" кўкрак нишонлари ҳамда вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари, эсдалик совғалари топширилди.
Элимиз ардоғидаги санъаткорлар Ботир Қодиров, Алишер Файз, Зиёда иштирокидаги концерт дастури барчага кўтаринки кайфият улашди.









