Янги Ўзбекистоннинг барқарор энергетикаси —келажак сари қувватли қадам
2025-12-05 15:35:00 / Янгиликлар

Унинг доирасида Ўзбекистон туманида барпо этилган қуввати 300 МВтли йирик электр энергиясини сақлаш тизими ҳам ишга туширилди.
Мазкур тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ бошқаруви раиси Асроржон Асқаров, хорижий компания вакиллари Ўзбекистон туманидаги ишга туширилган корхонадан видеоконференция орқали иштирок этди.
Мамлакатимизда Президент ташаббуси билан энергетика соҳасида янги қувватларни ишга тушириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Фарғона вилоятида электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида Ўзбекистон туманидаги 15 гектар майдонда барпо этилган умумий қиймати 144 млн доллар бўлган энергия сақлаш батарея лойиҳасининг ишга туширилиши ҳам ушбу ишларнинг амалий натижасидир.
Ушбу объектни лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишлари Хитойнинг “China Energy Overseas Investment Co.,Ltd” компанияси томонидан амалга оширилди.
Энергия сақлаш батарея лойиҳасини 150 МВт (300 МВт соат) қувватда ишга тушириш учун “Sungrow” компаниясининг 193 та (2 МВт соат қувватли) батареялари ўрнатилди. Шунингдек, ушбу станцияни тармоққа улаш учун “Ўзбекистон” подстанциясига 10 км (220 кВ.ли) тармоқ тортилди ва 1 та подстанция қурилди.
Натижада Ўзбекистон энергия тизимининг Фарғона водийси қисмида қувват етишмовчилиги ва тиғизлиги вақтида 300 МВт соат қувват билан таъминлаш имконияти яратилди.
Аккумулятор станцияси тўлиқ қувватда ишга туширилди. Натижада бир кунда икки маҳал 2 соатдан 150 МВт (300 МВт соат) сиғимда электр энергия захираларидан тиғиз вақтларда тармоқни турғунлаштириш учун фойдаланиш имконияти яратилади.
Янги лойиҳа электр манбаига эҳтиёж камайган кундуз ва тунги пайтларда электр тармоғига уланиб, истеъмолдан ортиб қолган электр қувватини ”омбор”га йиғади ва зарур бўлганда ўша “омбор”дан яна қайта тармоққа етказиб беради. Электр энергиясини батареяда сақлаш айниқса, қишда қўл келади. Кундузи юклама паст бўлган вақтда тизимни қувватлантириш, юклама юқори бўлганда уни бўшатиб, тизимдаги балансни сақлашга ёрдам беради. Бу унинг асосий функцияларидан бири.
Бу жараёнлар вилоятимизда истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлаш тизимини ривожлантириш ҳамда энергетика соҳасида барқарорликка эришиш имконини беради.
Шунингдек, корхонада 25 нафар янги иш ўринлари ташкил этилади.
Хитой компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳа вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини янада ошишига ҳамда электр энергия таъминотини янада яхшиланишига хизмат қилади.
Шу куни вилоят ҳокими электр станциясини кўздан кечирди.









