Қува туманида 50 млн долларлик йирик лойиҳа-Ўзбекистон-Россия қўшма корхонасининг қурилиши бошланди
2025-12-03 13:15:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров барчани катта лойиҳа бошланаётгани билан табриклаб, бугунги кунда Фарғона ва Омск вилояти ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини қайд этди. Ўтган йилда вилоят делегациясининг Омск вилоятига ташрифи ва ўзаро мулоқотлар давомида кўплаб келишувларга эришилгани, мазкур бошланаётган лойиҳа ҳам бунинг самараси эканлигини билдириб ўтди.
- Ўйлайманки, бу агрологистика маркази нафақат Қува учун ишлайди, балки Фарғона вилояти, Фарғона водийси учун хизмат қиладиган катта марказга айланади ва деҳқонларимиз етиштирган барча мева-сабзавот маҳсулотларини тўғридан-тўғри Россия бозорларига ва бошқа бозорларга етказиб бериш учун жуда катта имконият беради, — деди вилоят ҳокими.
Қува туманида “Energy-land” МЧЖ томонидан мевани қайта ишлаш ва агрологистика маркази 15 гектар майдонда барпо этилади. Йилига 20 минг тонна қувватга эга мевали-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш цехи, умумий сиғими 30 минг тоннани ташкил этувчи совутгич омборлари, меҳмонхона ва бошқа объектлар қурилади. Бу ерда 500 та иш ўрни яратилади, йилига 100 млн долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти йўлга қўйилади.
Омск вилояти губернатори Виталий Хоценко Ўзбекистон-Россия стратегик ҳамкор эканлигини, ҳудудлараро алоқалар мустаҳкамланиб бораётганлигини таъкидлади. Фарғонанинг сархил мева-сабзавотлари, тўқимачилик маҳсулотлари Россия бозорида харидорлигини билдириб, янги марказнинг қурилиши бу эҳтиёжларни қондиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Тадбир доирасида Хайрулло Бозоров ва Виталий Хоценко онлайн тарзда лойиҳанинг бошланишига расман старт бериб, мевани қайта ишлаш ва агрологистика марказига тамал тоши қўйилди.






