Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров “Ўзбеккосмос” агентлиги директори Шуҳрат Қoдиров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди
2025-12-02 13:50:00 / Янгиликлар

Ушбу йўналишда ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзига хос “Фарғона тажрибаси”ни яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Тақдимотда давлат космик мониторинг тизими, уни жорий этиш механизми, идоралараро ҳамкорлик, олий таълим муассасалари билан алоқалар ва малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнлари ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, платформа орқали аэрокосмик суратларнинг қиёсий таҳлилини олиш, ер муносабатлари соҳасида рақамли тизим яратиш лойиҳаси, қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган ишлар самарадорлигини таъминлаш масалалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Космик мониторинг ёрдамида ҳовузларни аниқлаш, балиқ кўллари харитасини тузиш, қишлоқ хўжалиги экин ерларида сув истеъмоли ҳажмларини мониторинг қилиш, яшил ҳудудларни назорат қилиш имкониятлари тушунтирилди.
Вилоят раҳбари тақдимот юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, олинаётган ҳар бир таҳлил натижадорликка хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлишини қайд этди.
Ўзаро ҳамкорлик чора-тадбирлари келишиб олинди.




