Фарғонада ободлик сари: “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” танловининг ғолиблари аниқланди
2025-11-27 17:55:00 / Янгиликлар

Танловнинг дастлабки саралаш босқичи вилоятдаги 1015 та маҳаллани қамраб олиб, мезонларга мувофиқ энг намунали иштирокчилар аниқланган эди. Шаҳар ва туман босқичларидан муваффақиятли ўтган иштирокчилар вилоят босқичида ўзаро беллашди.
Якуний босқич Фарғона шаҳридаги Аҳмад ал-Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерзод Полвонов, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Адҳам Зиявитдинов ҳамда “маҳалла еттилиги” раҳбарлари, соҳа фаоллари қатнашиб, иштирокчиларга муваффақият тиладилар.
Танловда “Обод хонадон” ва “Обод кўча” номинацияларида қатнашчилар ҳудудларида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари акс этган фотоалбом ва видеороликлар тақдимоти билан иштирок этди.
“Обод маҳалла” номинациясида эса маҳалла раислари тақдимот билан бирга савол-жавоб жараёнида ўз тажрибаси ва ташаббусларини намойиш қилдилар.
Республикадаги энг намунали маҳаллалар, хонадон ва кўчаларни аниқлаш, уларнинг илғор тажрибасини оммалаштириш ҳамда бу орқали ишсизлик, камбағаллик, жиноятчилик ва оилавий ажримлардан холи ҳудудлар сонини кўпайтириш, маҳаллаларда ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш мақсади устувор ушбу танловнинг вилоят босқичида мамлакатимизда маҳалла тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси яққол кўзга ташланди.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, Олтиариқ туманидаги “Азимобод” маҳалласи вилоятдаги энг обод маҳалла деб топилди. “Обод хонадон” номинациясида эса Фарғона туманидаги “Бой маҳалла” МФЙдаги Илёсбек Номоновлар хонадони ғолиб деб эътироф этилди. Қува туманидаги “Қорашоҳ” МФЙ “Сарбоз” кўчаси эса вилоятдаги энг намунали кўча сифатида баҳоланди.
Шунингдек, барча номинациялар бўйича 2-3-ўрин эгалари ҳамда барча иштирокчилар Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Фарғона вилояти бошқармасининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Ҳар учта номинацияда 1-ўринни қўлга киритган иштирокчилар кўрик-танловнинг Республика босқичида иштирок этади.









