Хитой инвесторлари Фарғона туризм соҳасига катта қизиқиш билдирмоқда
2025-11-25 09:25:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари сўнгги йилларда кенг кўлам касб этиб, давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли стратегик шериклик даражасига кўтарилгани қайд этилди. Бу ўзаро дўстлик ва мустаҳкам ишончга асосланганлиги таъкидланди.
Хитой Ўзбекистоннинг етакчи савдо ҳамкори ва йирик инвесторига айланмоқда. Ҳудудлараро ҳамкорлик ҳам турли йўналишларда фаоллашмоқда. Шу маънода айни кунларда Фарғонада хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда янги йирик лойиҳаларга – савдо маркази, меҳмонхона ва саноат парки қурилишига старт берилаётгани учрашувда алоҳида қайд этилди.
Вилоят раҳбари Хитой тажрибасидан кўплаб йўналишларда, хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартиришда самарали фойдаланилаётганини айтиб ўтди. Шунингдек, вилоятда ҳамкорликда янги туризм лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
“China Chamber of Tourism” - Хитойдаги йирик миллий туризм ташкилоти бўлиб, кўплаб корхоналар, компаниялар ва инвесторларни бирлаштиради. Ташкилот раиси Фарғона вилоятига хорижий инвесторларни фаол жалб қилиш истиқболларига эътибор қаратди.
Хитойлик инвесторлар Фарғона туманидаги Шоҳимардон қишлоғи ҳамда Қува тумани ва Қувасой шаҳарлари туризм салоҳиятини ривожлантиришга қизиқиш билдирдилар. Улар “Ҳайвонот боғи” ташкил этиш, замонавий аттракционлар қуриш ва бошқа бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш таклифларини илгари сурдилар.
Вилоят ҳокими ушбу таклифларни қўллаб-қувватлашини ва бу орқали янги иш ўринлари яратилиши, аниқ лойиҳалар асосида амалга оширилиши зарурлигини таъкидлади.
Учрашув якунида Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Хитой туризм палатаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.







