"Нефтчи" 24 йиллик танаффусдан кейин Ўзбекистон чемпиони бўлди
2025-11-22 21:55:00 / Янгиликлар

“Истиқлол” стадионида Суперлига–2025 чемпиони — “Нефтчи” жамоасига қўлга киритилган тарихий чемпионлик кубоги тантанали равишда топширилди.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бутун жамоани, мураббийларни ва энг муҳими, юракдан қўллаб-қувватлаб келаётган содиқ мухлисларни тарихий ғалаба билан самимий қутлади.
Бу ютуқ — Президентимиз томонидан футбол соҳасига қаратилаётган катта эътибор ва яратилган имкониятларнинг амалдаги самараси эканлиги таъкидланди. Энг муҳими, мамлакатимизда адолат, шаффофлик ва ҳалоллик тамойиллари қарор топгани футбол ривожига янги суръат бермоқда.
Вилоятимизда ҳам футбол янги босқичга чиқаётганини эътироф этган вилоят ҳокими “Фарғонани Ўзбекистоннинг футбол пойтахтига айлантирамиз!”, - дея устувор мақсад белгилаб олинганини алоҳида таъкидлади.
Шу билан бирга, келгуси мавсумларда “Қўқон–1912”нинг Суперлигада совринли ўринлар учун курашишига, “Нефтчи”нинг ғолибона юришлари Осиё чемпионлари элита лигасида ҳам давом этишига ишонч билдирди.
Вилоят раҳбари 24 йиллик танаффусдан сўнг муҳим ғалабага эришилгани, шонли тарихга эга “Нефтчи” жамоаси тарихида беқиёс из қолдирган Юрий Вазгенович Саркисяннинг хизматларини ҳам алоҳида эътироф этди. Бош мураббий Виталий Левченко, мураббийлар штаби, клуб ходимлари ва барча мухлислaрга самимий миннатдорлик билдирди.
Тантанада иштирок этган ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов вилоят ҳокимининг футбол ривожига қўшётган ҳиссасини юксак баҳолади. Ғалаба билан жамоани ва мухлисларни табриклади.
Тадбир давомида “Истиқлол” стадиони “Йил стадиони” деб эълон қилинди.
Якунда чемпионлик кубоги тантанали равишда топширилди.
Футбол байрами мушакбозлик жараёнлари, парад юришлари билан давом этди.









