Вилоят ҳокими тадбиркорлар билан мулоқот қилди
2025-11-18 19:40:00 / Янгиликлар

Мулоқот давомида уларнинг янги истиқболли лойиҳалари, таклифлари ҳамда фаолият жараёнида учраётган муаммолари тингланди.
Вилоят раҳбари бугун тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мамлакатдаги устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади. Учрашувда “Қўқон” технопарки ташкил этилаётгани, эркин иқтисодий зонада тадбиркорлар янги лойиҳалар билан иштирок этиши учун кенг имкониятлар яратилаётгани маълум қилинди.
Қўқон шаҳри, Учкўприк ва Ўзбекистон туманларидан келган 30 дан зиёд тадбиркорнинг мурожаат ва масалалари эшитилди. Улар қурилиш, трикотаж, тиббий буюмлар, қандолатчилик, металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда бошқа йўналишлардаги лойиҳалари ҳақида маълумот бериб, амалга оширишдаги масалалар бўйича мурожаат қилдилр. Фаолиятларини янада кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш ва иш ўринларини кўпайтиришдаги таклифларини билдирдилар.
Ҳар бир истиқболли лойиҳани қўллаб-қувватлаш, уларни “Қўқон” технопаркига жойлаштириш имкониятлари бўйича тадбиркорларга тушунтиришлар берилди. Мутасаддиларга тадбиркорлар лойиҳаларини ўрганиб чиқиб, аниқ таклифлар тайёрлаш вазифаси юкланди.
Шунингдек, Қўқон шаҳрида махсус штаб ташкил қилиниб, ҳар шанба тадбиркорларнинг таклиф ва муаммолари кўриб чиқилиши, Тадбиркорлар кенгаши самарали ишлаши, уларга амалий ёрдам кўрсатилиши белгиланди. Тегишли масъуллар эса ҳар бир тадбиркорнинг муаммосини ҳал этиш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриши шартлиги қайд этилди.









