Республикада илк бор Фарғона тажрибаси сифатида "Истиқболли давлат хизматчиси – 2025" танлови ўтказилди
2025-11-15 13:35:00 / Янгиликлар

Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ғолибларни самимий табриклаб, уларнинг келгусидаги фаолиятларига омад ва муваффақиятлар тилади.
Сўнгги 9 йилда мамлакатимизда амалга оширилаётган тарихий ислоҳотлар бугун жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам юксак эътироф этилаётгани, халқимиз дунёқараши, турмуш тарзи беқиёс даражада ўзгаргани, мана ман деган давлатлар Президентимиз ташаббусларини тан олиб қўллаб-қувватлаётгани таъкидланди.
Шундай бемисл янгиланишлар жараёнида давлат бошқарувида билимли, салоҳиятли ва ватанпарвар кадрларга эҳтиёж ортиб бораётганига эътибор қаратилди.
— Давлат хизматчиси бўлиш — бу шунчаки иш эмас. Бу — халқ ишончини оқлаш, Ватанга сидқидилдан хизмат қилиш ва масъулиятли қарорлар қабул қилиш демакдир. Бу лавозим ҳар биримиздан ҳалоллик, садоқат ва юксак фуқаролик масъулиятини талаб этади, — деди вилоят ҳокими.
Инсон тинимсиз изланиши, илм олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва юртига садоқат билан хизмат қилиши лозимлиги таъкидланди.
“Истиқболли давлат хизматчиси” танловида иштирок этиб сараланган ёшларга ўз олдиларига қўйган мақсадларига эришишларига, билим ва салоҳияти билан намуна бўлишларига ишонч билдирилди. Мазкур танлов ҳар йили анъанавий ўтказилиши маълум қилинди.
Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги директори ўринбосари Акмал Салиҳов ҳам тадбирда сўз олиб, Миллий кадрлар захирасини шакллантириш бўйича юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди. Вилоят ҳокимлиги ва Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги Фарғона филиали ҳамкорлигида илк бор “Фарғона тажрибаси” асосида “Истиқболли давлат хизматчиси – 2025” танлови ташкил этилгани юқори баҳоланди.
700 дан зиёд давлат хизматчилари иштирок этган мазкур танлов 5 босқичда ўтказилиб, улар орасидан 63 нафар муносиб номзод саралаб олинди.
Унга кўра, вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси шўъба бошлиғи Жамшидбек Жаҳбаров 1-ўринни, Фурқат тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими бош мутахассиси Гулзода Мухторова 2-ўринни, вилоят адлия бошқармаси шўъба бошлиғи Зиёдбек Ҳалимжонов 3-ўринни қўлга киритди. Улар пул мукофотлари билан тақдирландилар.
Тадбирда “Истиқболли давлат хизматчиси -2025” танловининг барча ғолибларига сертификатлар топширилди.
Танлов иштирокчилари номидан сўзга чиққанлар кўрсатилаётган эътибор ва яратилаётган шарт-шароитлар учун Давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдирдилар ва келгусида ўз фаолиятларини янада самарали ташкил этиб, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшишларини таъкидладилар.









