Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Корея Республикасининг “Hansae Mobility” компанияси катта ижрочи директори Жонг Дай Вонни қабул қилди.
2025-11-13 18:20:00 / Янгиликлар

Қувасой шаҳри Пакана МФЙ ҳудудидаги “Қўқон” эркин иқтисодий зонасининг Қувасой филиалида амалга оширилаётган ушбу лойиҳага 30 млн доллар сармоя йўналтирилиб, биринчи босқичда 100 та, жами 200 тадан зиёд иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
“Hansae Mobility” — Кореянинг “Hansae Group” таркибидаги компания бўлиб, 1982 йилда кичик тикув фабрикаси сифатида ташкил этилган. Бугунги кунда “Hansae Group” дунё миқёсидаги етакчи мода ва текстиль маҳсулотлари экспорт қилувчи компаниялардан бири ҳисобланади.
2024 йилда “Hansae Mobility” автомобилсозлик соҳасида алоҳида компания сифатида ташкил этилган бўлиб, унинг фаолияти тормоз тизимлари, руль бошқаруви, ярим ўқлар, электр ва қувват узатиш қисмлари ҳамда ADAS (Advanced Driver Assistance Systems) — яъни автопилот ва хавфсизлик сенсорлари ишлаб чиқаришни қамраб олади.
Компания маҳсулотлари бугунги кунда GM, Stellantis, Volkswagen, Rivian, VinFast, UzAuto ва бошқа йирик халқаро автомобил ишлаб чиқарувчи корпорацияларга етказиб берилади.
Мулоқотда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Корея компанияси томонидан амалга оширилаётган лойиҳани қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлаб, унинг келгусида самарали фаолият олиб боришига ишонч билдирди.
Учрашувда иштирок этган “Oʻzavtosanoat” АЖ масъул ходимлари бундай лойиҳа Ўзбекистонда илк маротаба амалга оширилаётганини қайд этдилар.
Якунда ҳамкорликдаги чора-тадбирлар келишиб олинди.






