Фарғонада касаба уюшмалари фидойилари шарафланди
2025-11-06 17:23:00 / Янгиликлар

Унда вилоят ҳокимлиги, бошқарма ва ташкилотлар касаба уюшмалари ходимлари, ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерзоджон Полвонов йиғилганларни байрам билан самимий қутлаб, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг соҳа ходимларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Байрам табригида жорий йил 17 октябрь куни Давлатимиз раҳбари тизим фаоллари ва фахрийлари билан мулоқот қилиб, бир қатор ташаббус ва таклифларни илгари суриши мамлакатимизда инсон меҳнатини улуғлаш, унинг ҳақ-ҳуқуқини таъминлаш йўлидаги яна бир муҳим қадамлардан бўлгани алоҳида эътироф этилди.
Касаба уюшмалари фаолиятини ривожлантиришда Фарғона вилояти Республикада етакчи ўринга эга эканлиги, вилоят касаба уюшмалари ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан кўплаб ибратли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Бугунги кунда вилоятимизда 4000 дан ортиқ бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларида 700 минг нафардан зиёд фаоллар самарали меҳнат қилмоқда. Улар корхона ва ташкилотларда ишчи-ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда, муносиб меҳнат шароитларини яратишда фаоллик кўрсатишмоқда.
“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар муаммолари тизимли равишда ҳал этилиб, 6 босқичда вилоятимиздаги 450 мингдан зиёд турмуш шароити оғир бўлган опа-сингилларимизга амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Ички туризмни ривожлантиришда ҳам соҳа ходимларининг хизматлари катта бўлмоқда. Санаторийларда 2020-2024 йиллар давомида Фарғона вилоятидаги 35 мингдан зиёд дам олувчилар соғломлаштирилиб, улардан 12 минг 903 нафари имтиёзли ва 1 минг 56 нафари бепул йўлланмалар асосида ўз саломатликларини тикладилар.
Ўтган давр мобайнида эса 42 минг 847 нафар болалар вилоятдаги сўлим оромгоҳларда соғломлаштирилди.
Фарғона вилоятининг ўзида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2022 йилда Сўх туманида 200 ўринли “Сўх” болалар оромгоҳи, 2025 йилда Фарғона туманида эса яна шунча ўринли жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб бера оладиган замонавий “Билимдон” болалар оромгоҳи бунёд этилди.
Байрам тадбирида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгаши томонидан эълон қилинган “Энг яхши бошланғич касаба уюшма ташкилоти” кўрик-танлови ғолиблари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Яна бир гуруҳ соҳа фидойиларига “Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” эсдалик нишонлари топширилди.
Вилоятимизнинг таниқли санъаткорлари, ашула ва рақс ансамбллари ижросидаги куй-қўшиқлар байрам иштирокчиларига янада кўтаринкилик бағишлади.









