Кореяга ишлаш учун борган бакалавр дипломига эга юртдошларимиз магистратура босқичида имтиёзли ўқиши ва стипендия олиши мумкин
2024-03-05 15:35:00 / Вазирлик янгиликлари

Бу ҳақда, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги делегацияси аъзолари ҳамда Сеул Миллий фан ва технология университети вице-президенти Ёнг Жу Чой ўртасида имзоланган меморандумда қайд этилган.
Бугун Сеул шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда, Корея Республикасида ишлаш истагида бўлган фуқароларни корейс тили ва маданиятига ўқитишни ташкил этиш, шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан ишга юборилган, бакалавр дипломига эга ишчиларни IТ ва бошқа замонавий касблар бўйича ўқитиб малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорликда амалга ошириладиган янги лойиҳалар муҳокама қилинди.
Учрашувда “Сеул Миллий Фан ва технология университети”нинг ташкил этилиши ва фаолияти юзасидан тақдимот тингланди.
Ушбу таълим даргоҳи 1995 йили ташкил топган бўлиб бугунги кунда 1000 нафар талабалар асосан IТ соҳаси, менежмент каби замонавий йўналишларида магистратура босқичида таълим олмоқда.
Университет ҳузурида корейс тили ва маданиятини ўқитиш маркази фаолияти йўлга қўйилган.
Ўтган давр мобайнида университетни 6 минг нафардан ортиқ талабалар битириб, ҳозирда SAMSUNG, LG, NAVER, Google, FEDEX, iNtube, baikal.ai каби таниқли компанияларда малакали мутахассис сифатида фаолият олиб бормоқда.
Муассасада “онлайн” ва “оффлайн” ўқув дастурлари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, номзодлар иш жойидан ажралмаган ҳолда магистратура босқичида таълим олишлари учун имконият яратилган.
Kелгусида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорликда Корея Республикасида ишлаш истагида бўлган фуқаролар ва айни пайтда Кореяда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ишчиларни корейс тили ва мутахассислик бўйича ўқитиш юзасидан таклифлар билдирди.
Учрашувда якунида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда “Сеул Миллий Фан ва технология университети” ўртасида қуйидаги масалаларни ўз ичига олган икки томонлама ҳамкорлик Меморандуми имзоланди:
1. Ўзбекистонда Корейс тили ўқитувчиларини тайёрлаш лойиҳасини амалга ошириш.
2. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан ишга юборилган, бакалавр дипломига эга фуқаролар учун имтиёзли (“онлайн”, стипендия тўланадиган) магистратура ўқув босқичини ташкил этиш.
3. Ўзбекистонда корейс тили ва IТ соҳаси мутахассислиги бўйича махсус курслар ташкил этиш.
4. Корея Республикасига малакали ишчиларни (E-7 виза асосида) тайёрлаш бўйича махсус ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва малакали мутахассисликни тайёрлаш.





