Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Захидов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятида
2025-01-29 20:05:00 / Вазирлик янгиликлари

Дастлаб ишчи гуруҳ вилоятнинг Қарши туманидаги Қуйи Бақирчи қишлоғида бўлиб деҳқон хўжаликлари фаолияти билан яқиндан танишди.
Шундан сўнг тумандаги 10 гектар ер майдонида “Бир контур - бир маҳсулот” тамойили асосида ижарага олинган ерлардаги иссиқхоналар ва ёмғир сувларидан оқилона фойдаланиш мақсадида ташкил этилаётган инновацион иссиқхоналардан самарали фойдаланиш механизмлари кўриб чиқилди.
Касби туманининг оғир ҳудуди сифатида танлаб олинган Денов, Тинчлик ҳамда Оқжангал маҳаллаларида аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Хусусан, вазир хонадонларда кредит пакетлари ҳисобига йўлга қўйилган кўчатчилик, гулчилик ва сабзичилик каби лойиҳалар билан танишди. Мазкур ҳудуддаги ишларни жадаллик билан ташкил этиб, қисқа фурсатда юқори натижаларга эришган ҳолда оғир ҳудуд тоифасидан чиқариш бўйича кўрсатмалар берди.
Шундан сўнг, ишчи гуруҳ Косон тумани Пахтазор маҳалласида фаолият олиб бораётган умумий қиймати 2.1 млн АҚШ долларига тенг "Gold OASIS" МЧЖ фаолияти билан танишди. Мазкур қоп ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилиши натижасида 31 та иш ўрни яратилган.
Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан 100 млн сўмлик имтиёзли кредит эвазига ташкил этилган бош кийим ишлаб чиқариш оилавий корхонаси билан ҳам танишди. Айни пайтда мазкур корхонада 35 та иш ўрни, Эсабой маҳалласидаги умумий қиймати 250 млн сўмлик сабзи маҳсулотларини тозалашга мўлжалланган микролойиҳада эса 5 нафар иш ўринлари яратилган.
Вазир Б. Захидов “Арабхона” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи Фарҳод Саидназаров хонадонида бўлиб, уларнинг оила-аъзолари билан суҳбатлашди. Ушбу хонадон аҳли чорвачилик билан шуғулланиб, қўйлари сонини 600 тага етказган. Оилавий тадбиркорлиги натижасида мамлакатимиз бозорини арзон гўшт маҳсулотлари билан таъминлаб келмоқда.