Янги лойиҳалар Бухорода ишсизликни камайтириб, аҳоли даромадини оширишга хизмат қилади
2025-01-26 00:10:00 / Вазирлик янгиликлари

Аввал хабар берганимиздек, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Захидов иштирокидаги Ишчи гуруҳ Бухоро вилоятида амалга оширилаётган камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда уларни даромадини ошириш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишмоқда.
25 январь куни Ишчи гуруҳ “Қоракўл” эркин иқтисодий ҳудудида “GAS CHEMICAL COMPLEX MTO CENTRAL ASIA” MCHJ МЧЖ томонидан 225 гектар ер майдонида МТО (метанолдан олефин олиш) технологияси асосида газ-кимё комплексини қуриш ва газ-кимё технологик кластерини ташкил этиш лойиҳасини ўрганди.
Умумий қиймати 5,0 млрд. АҚШ долларига тенг мазкур корхона 2028 йилда фаолият бошлаши билан туманда 2000 та янги иш ўринлари яратилади. Лойиҳа тўлиқ қувватда иш бошлаганидан сўнг эса 5000 нафар аҳолини иш билан таъминлаш имконига эга бўлади.
Шундан сўнг, Ишчи гуруҳ Жондор тумани марказини кесиб ўтувчи “Зарафшон” дарёси ёқасида қурилиши мўлжалланган “Соҳил бўйи” дам олиш маскани лойиҳаси билан танишди.
Узунлиги 1 км бўлган соҳилда аҳоли дам олиш учун сайлгоҳ, умумий овқатланиш масканлари, савдо шаҳобчалари қад ростлайди. Қиймати 15 млн. АҚШ долларини ташкил этадиган ушбу маскан фаолият бошласа, туман аҳолиси учун 172 та янги иш ўрни яратилади.
Вазир Б.Захидов тумандаги “Қароли” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш учун хонадонларга бориб, камбағал оилалар аъзолари билан суҳбатлашди.
Уларни иш билан таъминлаш, даромадли меҳнат қилиши учун имкониятлар яратиш, қўллаб-қувватлаш борасида мутасаддиларга кўрсатма ва топшириқлар берди.
Ишчи гуруҳ Бухоро туманидаги “Petrochem sepehr” қўшма корхонасида бўлиб, корхона инвесторлари билан келгусидаги режалар ва истиқболли лойиҳалар ҳақида мулоқотда бўлди.
Тўдакўл массивида 2023-2026 йил давомида Ўзбекистон ва Туркия капитали асосида “Petrochem sepehr” Ўзбекистон-Эрон қўшма корхонаси ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 274.0 млн. АҚШ долларини ташкил этади.